ОИЛАВИЙ НИЗОЛАРНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Бугунги кунда йигит ва қиз ўзаро ихтиёрийлиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида турмуш қураётган бўлсаларда, оилавий ажримлар, минг афсуски, учраб турибди.

Оилавий низоларни тааллуқлилик бўйича фуқаролик судлари кўриб чиқади. Биргина бир оиланинг арзимаган сабаблар билан ўзаро жанжаллашиши натижасида фуқаролик судларида бир неча тоифадаги фуқаролик ишларини кўрилишига сабаб бўлади. Эр-хотининг ўзаро ажрашиб кетиши натижасида фуқаролик судларида никоҳдан ажратиш, боланинг таъминоти учун алимент ундириш, ўзининг таъминоти учун алимент ундириш, умумий мулк деб топиш ва умумий мулкни бўлиш, уйга киритиш, уйдан кўчириш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, болани ўз тарбиясига олиш, бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, сарф-харажатларни ундириш ва бошқа тоифадаги фуқаролик ишлари кўрилиши мумкин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган даъво тоифаларидан боланинг таъминоти учун алимент ундириш, моддий таъминот ундириш ҳақидаги даъво аризалари учун давлат божи тўлашдан озод қилинган бўлсада, қолган даъво аризалари учун “Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги қонундан келиб чиқиб давлат божи тўлашга тўғри келади.

Эр-хотинлар ўртасидаги низо жиддийлашганда, ўзаро ёки қариндош уруғлари ўртасида муштлашувлар натижасида маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар келиб чиқиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бунинг натижасида айбдор шахслар суднинг ҳукмига асосан жиноий жавобгарликкка тортилади. Эр ва хотиннинг арзимаган сабаб туфайли ажрашиши оқибатида фарзандларнинг етим бўлиб, носоғлом оила муҳитида тарбия топиши, ота ёки онанинг меҳрига тўймасдан улғайишига сабаб бўлади. Келгусида бундай муҳитда улғайган фарзанд жамиятда ҳуқуқбузар ёки жиноятчи бўлиб етишиши эҳтимоли мавжуд. Биргина оилавий низоларнинг ортидан жуда кўп салбий оқибатлар келиб чиқади.

Оилавий ажримдан, энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр аёлни фарзандлари билан ота-онасининг уйига ҳайдаб юбормоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига, минг афсуски, эътибор қаратмаяпти. Янада ачинарлиси эса, у кўп вақт ўтмай, шаръий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб олмоқда.

Жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса, бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса, жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана шу ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади (шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Бахтиёр оила”).

Хулоса ўрнида, оилавий ажримларнинг олдини олиш учун бу борада туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш комиссияси, “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмалари раислари, хотин-қизлар фаоллари, имомлар, маҳаллаларда кайвонилар, умуман, кенг жамоатчиликнинг масъулиятини кучайтириш, уларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишлар натижадорлигини оширади.

 

Одил Эгамбердиев,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди раиси